Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг қурилиш, коммунал ва сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси 25 ноябрь куни 2027 йил учун маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар тарифларини маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, аҳоли учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати тарифини бир киши учун ойига 10 000 сўм (ҚҚСсиз) этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. ҚҚС билан бирга тўлов миқдори 11 200 сўмни ташкил этади.
Ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифи 1 куб метр учун 119 969,79 сўм (ҚҚСсиз), суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш эса 1 тонна учун 251 744,65 сўм (ҚҚСсиз) этиб белгиланиши режалаштирилган.
Шунингдек, ҚҚСсиз қуйидаги тарифлар ҳам назарда тутилган:
- чиқиндиларни қайта юклаш станцияларидан «Оҳангарон» полигонига ташиш — 1 тонна учун 104 676,50 сўм;
- қайта юклаш станцияларида чиқиндиларни қабул қилиш, пресслаш ва утилизация қилиш — 1 тонна учун 155 281,27 сўм;
- «Оҳангарон» полигонида чиқиндиларни қабул қилиш ва утилизация қилиш — 1 тонна учун 79 199,28 сўм;
- «Оҳангарон» полигонида чиқиндиларни қабул қилиш ва кўмиш — 1 тонна учун 1 148 146,48 сўм.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига «Махсустранс» корхонаси ва туман ҳокимликлари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларга сифатли хизмат кўрсатиш, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш ҳамда санитария нормаларига риоя этилишини таъминлаш топширилган.
Масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Шундан сўнг у Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши сессияси кун тартибига киритилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари сўнгги бор 2024 йил апрель ойида оширилган эди.
Изоҳ