«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Тезкор тадбирлар давомида 7,5 килограммдан ортиқ «гашиш» ва қарийб 2 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда 1986 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, хонадондан 1 килограмм 157 грамм «гашиш» моддаси ҳамда 1946 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида мазкур шахсдан «Регапен» сотиб олмоқчи бўлган 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳам ушланди. Унинг ёнидан 1,5 грамм «гашиш» ва 2 дона «Регапен» дори воситаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Иккинчи ҳолат Сурхондарё вилоятида аниқланди. ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Термиз халқаро савдо марказида олдиндан кузатувга олинган 1986 йилда туғилган Афғонистон фуқароси қўлга олинган. У сотиш учун мўлжалланган чопонлар орасига яшириб, мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кирилган 6 килограмм 342 грамм «гашиш» моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилган. Иккинчи ҳолатда эса Афғонистон фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда, хизматнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришга чақирди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Изоҳ