Вазирлар Маҳкамасининг 25 ноябрдаги қарори билан «Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш тартиби ҳақида»ги низом тасдиқланди. Унда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳ, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳолатлари ҳақида хабар бериш тартиби белгиланган.
Мактаблар нималар ҳақида хабар бериши керак?
Таълим муассасалари ўқувчилар томонидан содир этилган ёки уларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, тан жароҳатлари, кўкаришлар ҳамда зўравонлик аломатлари ҳақида ички ишлар органларига хабар бериши шарт.
Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган қизларда эрта ҳомиладорлик белгилари аниқланса ёки уларнинг эрта турмушга чиқиш хавфи, жумладан, фотиҳа ва унга ўхшаш маросимлар ўтказилаётгани ҳақида маълумот бўлса, бу ҳақда ҳам хабар берилиши лозим. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солинаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам мурожаат учун асос бўлади.
Мактаблар бундай ҳолатлар ҳақида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларини ҳам хабардор қилади. Бундан ташқари, ўқувчи қизларнинг узрли сабабларсиз узоқ вақт дарсларга келмаслиги, бу ҳолат эрта никоҳ, ҳомиладорлик ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чекловчи бошқа вазиятлар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлса, бу ҳақда ҳам маълумот берилади.
«Инсон» марказларига боланинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришлар, оилада унинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи муҳит, вояга етмаганларнинг алкогол ёки бошқа моддалардан заҳарланиши ҳақида ҳам хабар қилинади.
Тиббиёт муассасалари қандай ҳолатлар ҳақида хабар беради?
Тиббиёт муассасалари ҳуқуқбузарлик аломатларини кўрсатиши мумкин бўлган жароҳатлар билан мурожаат қилган ёки ҳушсиз ҳолатда олиб келинган беморлар ҳақида ички ишлар органларига маълумот тақдим этади.
Булар қаторига ўқотар қурол ёки ўткир буюмлардан етказилган жароҳатлар, бош ва тана шикастланишлари, суяк синиши, гематома ва кўкаришлар, куйиш, бўғиш, асфиксия ҳамда заҳарланиш белгилари киради.
Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги, туғруғи ёки аборт қилдириши, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг тиббий белгилари, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят аломатлари ва зўравонликнинг жисмоний ҳамда руҳий оқибатлари ҳақида ҳам хабар берилиши керак.
Тиббиёт муассасалари бундай ҳолатлар, шунингдек, вояга етмаганлар ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳақида «Инсон» марказларини ҳам хабардор қилади.
Бошқа ташкилотлар зиммасига ҳам мажбурият юкланди
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун 16 ёшга тўлмаган шахс мурожаат қилганда ёки чақалоқнинг онаси ушбу ёшга етмаган бўлса, ички ишлар органларига хабар бериши керак. Бу маълумотлар «Инсон» марказига ҳам юборилади.
Маҳаллалар эса вояга етмаган қизларда эрта ҳомиладорлик белгилари, эрта турмушга чиқиш хавфи, уларнинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришлар, оилада ҳаёти ва соғлиғига таҳдидлар, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» марказларини хабардор қилади.
Диний ташкилотлар никоҳ ёшига етмаган шахс билан диний никоҳ маросимини ўтказиш бўйича мурожаат қилинган тақдирда, бу ҳақда ички ишлар органлари ва «Инсон» марказларига хабар бериши шарт.
Хабар бериш муддати
Низомга кўра, аниқланган ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар масъул ташкилотларга зудлик билан юборилиши лозим.
Ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилингунига қадар ташкилотлар Ички ишлар вазирлигининг «102» ёки «112» диспетчерлик хизматларига қўнғироқ қилиши мумкин.
Қарорда тиббиёт ва бошқа идораларнинг ахборот тизимларини ИИВнинг «E-material» тизими ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилиш ҳам назарда тутилган.
Тиббиёт муассасалари учун аниқланган ташхис ҳуқуқбузарлик аломатларига мос келган тақдирда, хабарларни автоматик равишда юбориш механизми жорий этилади. Бундай ташхислар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан тасдиқланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Президент фармони билан вояга етмаганларни никоҳга киришга чақириш (ундаш), шунингдек, бундай никоҳларни тарғиб қилиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилган эди.
Шунингдек, эрта никоҳ ҳолатларини аниқлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланган. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар зиммасига эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш мажбурияти юклатилган.
Изоҳ