“Янги Бухоро” халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва бошқариш бўйича халқаро тендернинг барча босқичлари якунланди. Унда Туркиянинг Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş. ва Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company W.L.L. компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» хабар берди.
Тендер 2026 йил 12 март куни эълон қилинган бўлиб, икки босқичда — малака сўрови ва таклифлар сўрови шаклида ўтказилди. Якуний босқичга олтита компания ўтган.
Лойиҳа доирасида хусусий шерик соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал, вокзал олди майдони, автотураргоҳ ва тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда бошқариш билан шуғулланади.
Давлат шериги эса учиш-қўниш йўлаги ва перрондан иборат аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш учун жавобгар бўлади.
ДХШ тўғрисидаги битимнинг умумий муддати 23 йилни ташкил этади. Ушбу даврнинг дастлабки уч йилигача қурилиш ишларига ажратилиши кўзда тутилган.
Ғолиб консорциум таркибидаги компаниялар халқаро аэропортлар ва йирик инфратузилма объектларини қуриш ҳамда бошқариш тажрибасига эга.
Жумладан, Limak Приштина (Косово) ва Дакар (Сенегал) халқаро аэропортларини бошқаради, Истанбул аэропорти қурилишида иштирок этган. Шунингдек, Қоҳира аэропортидан кейин Қувайт халқаро аэропортининг янги терминалини қурмоқда.
Hamad Bin Khalid Contracting эса Қатардаги 2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати финали ўтказилган «Лусаил» стадиони қурилишининг бош пудратчиси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, “Янги Бухоро” халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси Президентнинг 2024 йил 30 августдаги қарорига асосан «Uzbekistan Airports» томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Изоҳ