2026 йил 10 ноябрь куни Бектемир туманидаги Food City бозорига қатновчи 130-сонли автобусда йўловчи аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган йигит унинг эътирозидан сўнг бақириб, ҳақорат қилган. Суд унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2026 йил 11 ноябрдаги қарорига кўра, 2002 йилда туғилган Ж.Х. 10 ноябрь куни 130-сонли автобусда йўловчи М.К.га нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.
Қарорда қайд этилишича, аёл ушбу ҳаракатдан норозилигини билдирганида, йигит жамоат жойида уни ҳақорат қилиб, бақир-чақир кўтарган ва жамоат тартибини бузган.
Суд мажлисида Жавоҳир Хусанов ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда суддан енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчи эса унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган.
Суд Хусановнинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик) ва 183-моддаси (майда безорилик) билан баҳолади.
Унга ҳар икки ҳуқуқбузарлик учун 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ Кодекснинг 34-моддасига мувофиқ, якуний жазо 5 сутка маъмурий қамоқ этиб белгиланди.
Изоҳ