Янги таълим мажмуаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети ҳамда Хитойнинг Ляонин педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилган. Уни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратилган, 120 та янги иш ўрни яратилган.
Мажмуада 560 ўринли ўқув блоклари, кутубхона, спорт зали, 200 ўринли маданият саройи ва 118 ўринли ошхона мавжуд. Шунингдек, 628 ўринли аудиториялар ҳамда 224 ўринли талабалар турар жойи ташкил этилган.
2026 йилда филиалга 160 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Келгусида йиллик қабул квотасини 500 нафарга, талабалар сонини эса 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида кундузги ҳамда масофавий шаклларда олиб борилади. Бакалавриатда халқаро хитой тили таълими, туризм бошқаруви, халқаро бизнес ва сунъий интеллект, магистратурада эса хитой тили ва маданиятини ўқитиш методикаси, таълим бошқаруви, сунъий интеллект ва таълим технологиялари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Филиал дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади. Иқтидорли битирувчиларга Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида грант асосида ўқишни давом эттириш ва нуфузли ташкилотларда стажировка ўташ имконияти яратилади.
Бугунги кунда Хоразмда хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 2,343 миллиард доллар бўлган 38 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Янги таълим муассасаси ушбу лойиҳалар учун замонавий технологиялар ва хитой тилини биладиган малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Изоҳ