• 11 938 сўм
    -10.69
  • 13 769 сўм
    -24.28
  • 142 сўм
    -2.53
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 938 сўм
    -10.69
  • 13 769 сўм
    -24.28
  • 142 сўм
    -2.53
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Кеча, 20:48

Ўзбекистонда «асосли шубҳа» стандарти ва прецедентлар реестри жорий этилади

Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари ва соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган учрашув ўтказди.

51
0
prezident.uz

Президентга 2030 йилгача судлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган «Одил судлов – 2030» стратегияси лойиҳаси тақдим этилди.

Давлат раҳбари лойиҳани маъқуллаб, унда белгиланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган тегишли фармонни имзолади.

Жумладан, тергов ва суриштирув босқичида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш мақсадида «асосли шубҳа» (Prima Facie) стандарти жорий этилади.

Эҳтиёт чорасига санкция бериш масаласини кўриб чиқишда тергов судьяси ушлаб туришнинг қонунийлиги, шубҳа қилиш ёки айблов қўйиш учун асослар етарлилигини текшириши, шунингдек, зарур қўшимча материалларни сўраши мумкин бўлади. Бу инсон эркинлигининг асоссиз чекланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Суд амалиётида бир хилликни таъминлаш мақсадида Очиқ «Прецедентлар реестри» юритилади. Унда Олий суд Президиумининг қарорлари жойлаштирилади.

Судьяларни одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ташкилий вазифалардан озод қилиш мақсадида 2028 йилдан суд маъмурияти институти жорий этилади.

«Рақамли суд» концепцияси барча судларда тўлиқ жорий этилади. my.sud.uz портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади.

Режага кўра, электрон шаклда бериладиган мурожаатлар улушини камида 50 фоизга етказиш, суд мажлисларининг 100 фоизида аудиоқайдни таъминлаш ҳамда Олий суд ахборот тизимларидан фойдаланувчилар сонини камида 5 баробар ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, медиация ва яраштирув тартиб-таомилларидан фойдаланиш кенгайтирилади. Қонунга хилоф деб топилган маъмурий ҳужжатларнинг очиқ реестри юритилади.

Шунингдек, қасамёд қилган ҳакамлар иштирокида кўриб чиқиладиган жиноятлар тоифалари сони камида учтага етказилади.

Учрашувда суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийими намунаси ҳам кўриб чиқилди. Бу фуқароларга суд ходимларини осон таниб олиш имконини бериши ва уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

51
0

Изоҳ