Қўмита маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда келиб тушган 103,5 минг мурожаатнинг 2 070 таси таълим хизматлари билан боғлиқ бўлган. Уларнинг қарийб 96 фоизи хусусий таълим ташкилотлари фаолияти юзасидан келиб тушган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 млрд сўм маблағ қайта ҳисоблаб берилган.
Таҳлилларга кўра, фуқаролар асосан таълим сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши, шартнома шартлари ва маблағни қайтариш тартиби ҳақида етарли маълумот берилмаслиги, бўлиб-бўлиб тўлаш шартномаларини бекор қилишдаги муаммолар ҳамда рекламада ваъда қилинган хизматлар амалда кўрсатилмаслигидан шикоят қилган.
Қўмитада таъкидланишича, ҳозирги вақтда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш жараёнини тартибга солувчи аниқ механизмлар ва пуллик таълим хизматларини тақдим этишнинг ягона қоидалари мавжуд эмас. Бу эса айрим ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан қўмита нодавлат таълим хизматларини ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш, хусусий таълим ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, ташкилотларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларига доир минимал талабларни белгилашни таклиф этган.
Қўмитага кўра, ушбу таклифларни амалга ошириш таълим хизматлари сифатини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади. Таклифлар ваколатли давлат органига юборилган.
Изоҳ