Қирғизистоннинг Aero Nomad авиакомпанияси Бишкек – Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, дастлабки рейс 23 август кунига режалаштирилган. Парвозлар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари Airbus A320 русумидаги самолётларда амалга оширилади.
Келгусида авиакомпания Бишкекдан Самарқанд ва Урганч шаҳарларига ҳам мунтазам рейслар йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Ҳозирги вақтда Тошкент ва Бишкек ўртасидаги авиақатновларни Centrum Air ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпаниялари амалга ошириб келмоқда.
Маълумот учун, Aero Nomad 2021 йилда ташкил этилган Қирғизистон авиакомпанияси бўлиб, Бишкек халқаро аэропортида жойлашган. Компания Airbus A320 оиласига мансуб самолётлардан фойдаланиб, мунтазам ва чартер рейсларни турли йўналишларда амалга оширади.
Изоҳ