Norma.uz’нинг ёзишича, 1 августдан қуйидаги ўзгариш ва янгиликлар кўзда тутилган:
Суюлтирилган газ биржа савдосининг янги қоидалари жорий этилмоқда
Автомобилларга ёқилғи қуйиш ва газ қуйиш шохобчаларига қуйидаги қоида ва талабларга риоя этиш бўйича минимал талаблар тасдиқланди:
- ёнғин ва саноат хавфсизлиги;
- экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- технологик жараёнлар ва ускуналарни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар.
Тошкент шаҳри ва вилоятнинг бир қатор туманларида иссиқхоналар учун газ таъминотида чекловлар ўрнатилмоқда
Иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан мавжуд шартномалар бекор қилинади.
Иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган максимал тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
Бизнеснинг барча текширувлари фақат QR-код орқали рўйхатдан ўтган ҳолда ўтказилади
Текширувларда иштирок этувчи ёки тадбиркорлар билан мулоқотга киришувчи давлат хизматчиларининг "Ягона давлат назорати" АТ мобил иловасидан фойдаланиши мажбурий этиб белгиланмоқда, текширувлар ўтказиш ҳуқуқини берувчи қоғоз гувоҳномалар бекор қилинмоқда.
Автомобилни жарима майдончасидан QR-код ёрдамида қайтариш мумкин
Автомобиль олиш учун рухсатномалар маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган (ёки мансабдор шахс), шунингдек ижро этувчи орган томонидан "Жарима майдони" электрон тизимидаги QR-код ёрдамида мажбурий тартибда тасдиқланади.
Солиқчиларни мижозларга йўналтирилганлик даражасига қараб баҳолаш мумкин бўлади
Солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилмоқда. У солиқ тўловчиларга солиқ хизматларининг мавжудлиги ва қулайлигини, солиқ мажбуриятларини бажариш вақтини, шунингдек, солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик сифатини баҳолаш имконини беради.
Хавфли саноат объектларида қоидабузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш жорий этилади
Фуқаролар хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмалардан фойдаланишда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришлари мумкин бўлади. Қоидабузарликлар ҳақида хабар берганлик учун жарима суммасининг 20 фоизи тўланади.
Эски автомобилларни топшириш учун компенсация тўланади
"Trade-in" дастури доирасида эскирган автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун автокредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш амалиёти жорий этилади.
Қарз ва омборда сақлаш шартномаларини солиқ органларида ҳисобга олиш мажбурий бўлади
Қарз (молиявий ёрдам) ва омборда сақлаш шартномалари солиқ органларида ҳисобга қўйилиши шарт.
Ноёб ҳайвонларни овлашга вақтинчалик мораторий жорий этилмоқда
2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январгача Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади.
Қор қоплони, Олд Осиё қоплони, йўл-йўл сиртлон, сайғоқ, Бухоро буғуси, Туркистон силовсини, қорақулоқ, фламинго, тувалоқ, қора лайлак, жингалак сақоқуш, кулранг турна ва бошқаларни овлаш тақиқланган. Ҳайвонларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Чеклов питомниклар ва фермер хўжаликларида сақланадиган, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиладиган ҳайвонларга тааллуқли эмас.
Изоҳ