Аввалроқ Меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ ходимлари фуқароларни Кореяга ноқонуний жўнатиш эвазига бир неча миллион АҚШ доллари олгани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент шаҳар судларидан UzNews.uz’га маълум қилишларича, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида миграция иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Айбланувчилар курсисида У.Г., Ш.Т., А.А. ва С.С. судланмоқда.
Айблов хулосасига кўра, А.А. шундай режа тузганки, унга кўра шериклари Кореяга ишлаш учун кетмоқчи бўлган фуқароларни топиб, имтиҳон топширишга ёрдам беришлари керак бўлган.
2023-2024 йилларда 343 нафар фуқародан 2 606 295 доллар ва 60 млн 700 минг сўм маблағ йиғилган. Шунингдек, улар "Этос хусусий бандлик агентлиги" МЧЖ фаолиятига ҳомийлик қилишган.
Иштирокчилар компанияда фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун лицензия мавжудлигидан фойдаланиб, ватандошларни Кореяга ишга юборишни ташкил этишди. Улар 23 кишидан 143 700 доллар ва 260 млн сўм йиғишди.
Бундан ташқари, улар пора сифатида 2 749 995 ва 320 млн 700 минг сўм олган, сўнгра уларнинг келиб чиқишини яшириш мақсадида ушбу пулларга автомобиллар сотиб олиб, ўзлари ва яқин қариндошлари номига расмийлаштирган.
Уларга ЖКнинг қуйидаги моддалари билан айблов эълон қилинди:
• ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми "а, б" банди (уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб жуда кўп миқдорда пора олиш);
• 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
• 301-модданинг 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият доирасидан четга чиқиш ёки ҳаракатсизлик) билан судланмоқда.
Изоҳ