Давлат меҳнат инспекцияси мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида иш берувчилар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган талаб ва тавсияларни эълон қилди.
Қайд этилишича, очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар бундай шароитда иссиқ уриши, сувсизланиш, ҳушдан кетиш ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ асоратларга дуч келиш хавфи остида бўлади.
Инспекция томонидан қуйидаги шошилинч чоралар тавсия этилди:
- Иш вақти тартибини қайта кўриб чиқиш. Иш берувчиларга куннинг энг иссиқ соатларида (одатда соат 11:00 дан 16:00 гача) очиқ ҳаводаги ишларни қисқартириш ёки вақтинча тўхтатиш тавсия этилади.
- Энг иссиқ вақтда оғир жисмоний меҳнатни чеклаш. Ҳаво ҳарорати энг юқори бўлган вақтда оғир жисмоний ишлар ҳажмини чеклаш ёки уларни вақтинча тўхтатиш зарур.
- Ходимларни етарли миқдорда ичимлик суви билан таъминлаш. Тоза ва салқин ичимлик суви доимий равишда ҳамда етарли ҳажмда мавжуд бўлиши шарт.
- Тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга қўймаслик. Юқори ҳарорат шароитида меҳнат қиладиган ходимлар белгиланган тартибда мажбурий тиббий кўрикдан ўтган бўлиши лозим. Зарур ҳолларда қўшимча тиббий кўрик ташкил этилиши керак.
- Сояли дам олиш жойларини ташкил этиш. Ходимлар учун сояли ёки салқин жойларда дам олиш имкониятини яратиш ва уларга мунтазам равишда танаффус қилиш имконини бериш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати +41...+43 даражагача, шимолий, жанубий ҳудудлар ва чўл зонасида эса +44...+46 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Изоҳ