Текширувлар давомида Shaffof-moliya, Tezcoin микромолия ташкилотлари ҳамда Uzum Bank фаолиятида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.
Жумладан, микромолия ташкилотларида микрокредит ажратишда қарз олувчиларнинг қарз юки бўйича талабларга риоя қилинмаган, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби бузилган, микрокредит шартномаларида мажбурий маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаган ҳамда мижозларнинг кредит тарихи ҳақидаги маълумотлар кредит бюроларига ўз вақтида тақдим этилмаган.
Uzum Bankда эса расмий веб-сайтда ахборотни ошкор қилиш, истеъмолчиларга тақдим этиладиган маълумотлар ҳажми, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, кредит тарихи маълумотларини кредит бюросига ўз вақтида юбориш ҳамда мижозлар билан тузилган шартномаларда қонунчиликда назарда тутилган айрим мажбурий шартларни киритиш бўйича талаблар бузилган.
Текширувлар якунларига кўра:
- Shaffof-moliya — 201 млн сўм;
- Tezcoin — 156 млн сўм;
- Uzum Bank — 215,5 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
Шунингдек, Марказий банк Ipoteka-bank фаолияти бўйича келиб тушган мурожаатларни ҳам ўрганди. Текширувда банк қарздорларнинг банк карталаридан кредит тўлови графигида белгиланган муддатдан олдин маблағ ечиб олгани аниқланган. Айрим ҳолларда эса бундай ечимлар кредит шартномасида тегишли шарт мавжуд бўлмаганига қарамай, мижоз розилигисиз амалга оширилган.
Бундан ташқари, гаров мулкига оид ҳуқуқларни гаров реестридан чиқариш белгиланган муддатларга риоя этилмаган ҳолда амалга оширилган, шартномаларни расмийлаштиришда ҳам қонунчилик талаблари бузилган.
Ушбу қонунбузилишлар учун Ipoteka-bank 105 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
Биринчи чоракда Марказий банк тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари ва бўлинмаларида «махфий мижоз» усули орқали ҳам назорат тадбирларини ўтказди.
Текширувлар давомида молиявий хизматлар истеъмолчиларига тақдим этиладиган ахборотнинг очиқлиги, шаффофлиги, тўлиқлиги ва ишончлилиги бўйича қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.
Қонунбузилишларнинг хусусияти, кўлами ва давомийлиги ҳисобга олиниб, 14 та тижорат банкига жами 681,5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилди. Жумладан, Agrobank 255 млн сўмга, O‘zsanoatqurilishbank эса 119,5 млн сўмга жаримага тортилди.
Изоҳ