• 12 061 сўм
    51.55
  • 13 754 сўм
    55.18
  • 155 сўм
    0.26
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 061 сўм
    51.55
  • 13 754 сўм
    55.18
  • 155 сўм
    0.26
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 13:53

1 июлдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда қатор қонунчилик янгиликлари кучга киради. Улар орасида иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг оширилиши, коммунал тўловлар бўйича қарздорлар учун электр энергияси тўловларига чеклов жорий этилиши, ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурийлиги ҳамда бошқа ўзгаришлар бор.

136
0
uznews.uz

Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар оширилади

Пенсия ва нафақалар, шунингдек, Ягона ижтимоий реестрга киритилган оилаларга тўланадиган болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам миқдори 7 фоизга оширилади.

Хусусан:

  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўмни;
  • ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ойига 1 млн 83 минг сўмни ташкил этади.

Ягона ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун болалар нафақаси:

  • 3 ёшгача бўлган бир нафар бола учун — 386 минг сўм;
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган бир нафар бола учун — 295 минг сўм этиб белгиланади.

Ушбу реестрга киритилган оилаларга ҳар ой тўланадиган моддий ёрдам миқдори 450 минг сўмни ташкил этади.

UzQR орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади

1 июлдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи юридик шахслар электрон тўловларни ягона QR-код — UzQR орқали қабул қилиши шарт бўлади. Ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

Кичик бизнес учун гаровсиз микрокредитлар оширилади

«Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» дастурида иштирок этган ва ижобий кредит тарихига эга корхоналар учун гаровсиз микрокредитнинг бир қисми 100 млн сўмдан 200 млн сўмгача оширилади.

Шунингдек, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси кичик бизнес субъектларига ажратилган кредит ёки лизингнинг 5 млрд сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаб беради.

Тиббий хизматлар сифати устидан назорат кучайтирилади

Тиббий фаолиятни лицензиялаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Лицензиялаш ва аккредитация марказига ўтказилади. Марказ лицензиялар беради ҳамда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилади.

Шу билан бирга, ҳар бир тиббиёт муассасасида тиббий хизматлар сифати устидан назорат қилувчи алоҳида тузилма ташкил этилиши мажбурий бўлади.

Нодавлат тиббиёт муассасаларига давлат тиббий суғуртаси доирасида ва мавжуд лицензияси асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади.

Кўп қаватли уйлар Mening uyim тизими орқали бошқарилади

Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар умумий йиғилишларини чақириш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарув ташкилотларининг ҳисоботларини тақдим этиши ҳамда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш фақат Mening uyim ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур тизимда мажбурий тўловлар, умумий мулкни ижарага бериш ва ундан фойдаланишдан тушган маблағлар ҳисоби юритилади.

Коммунал қарздорлар учун электр энергияси тўловига чеклов жорий этилади

Агар уй-жой мулкдори ҳар ойнинг 15-санасигача кўп қаватли уйнинг банк ҳисоб рақамига мажбурий тўловларни амалга оширмаса, қарз бартараф этилгунга қадар электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш чекланади.

Мажбурий тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади:

  • юридик шахслар учун — қарз суммасининг 0,4 фоизи;
  • жисмоний шахслар учун — 0,1 фоизи.

Францияга туристик виза учун янги навбат тизими жорий этилади

Тошкентдаги TLScontact виза маркази Францияга қисқа муддатли туристик визалар расмийлаштириш учун янги навбат тизимига ўтади.

Эндиликда ариза берувчилар ҳужжат топшириш санасини мустақил изламайди. Рўйхатдан ўтиш ва ариза текширувидан сўнг тизим бўш жойлар пайдо бўлиши билан қабул вақтини автоматик тарзда белгилайди.

Янги тартиб фақат 90 кунгача бўлган «Туризм» тоифасидаги визаларга татбиқ этилади. Қолган виза турлари учун амалдаги тартиб сақланиб қолади.

«Маҳалла еттилиги» аъзолари рағбатлантирилади

Илк бор унча оғир бўлмаган жиноят содир этиб, кафиллик асосида озод этилган шахс уч йил давомида қайта жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаса, унинг қайта тарбиясида фаол иштирок этган «маҳалла еттилиги» аъзолари қўшимча равишда рағбатлантирилади.

Давлат хизматига ёшларни қабул қилиш тартиби ўзгаради

Давлат органлари танлов суҳбатлари учун саволларни олдиндан эълон қилиши шарт бўлади. Айрим лавозимлар учун номзодлардан икки йилдан ортиқ бўлмаган умумий ёки мутахассислик бўйича меҳнат стажи талаб қилинади.

Шунингдек, айрим лавозимлар рўйхати тасдиқланади. Уларга ишга қабул қилишда ички танлов ўтказилмайди ва номзодларга умумий ёки махсус меҳнат стажи бўйича талаблар қўйилмайди.

136
0

Изоҳ