Аввалроқ ижтимоий тармоқларда талабалар учун ётоқхоналарда ўринлар етишмовчилиги сақланиб қолаётганига қарамай, айрим ётоқхона бинолари савдога қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилишича, оммавий савдоларга талабалар яшаши учун мўлжалланган хоналар эмас, балки фойдаланилмаётган ёрдамчи майдонлар — ертўлалар, ҳовлининг бир қисми, ошхоналар, буфетлар ва бошқа турар жой сифатида фойдаланилмайдиган бинолар чиқарилган.
Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Фарғона давлат университети, Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети, Фарғона давлат техника университети ётоқхоналаридаги бўш ёрдамчи бинолар ҳамда Термиз давлат университети ҳудудидаги технологик майдон савдога чиқарилган.
Вазирлик таъкидлашича, ушбу объектлар талабалар яшайдиган жойлар ҳисобланмайди ва уларни ижарага бериш ёки сотиш ётоқхоналардаги ўринлар сонининг камайишига олиб келмайди.
Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон Миллий педагогика университети ётоқхонаси сотилаётгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди. Қайд этилишича, мазкур объект 2025 йилги хусусийлаштириш дастури доирасида савдога қўйилган. Бироқ университетнинг амалдаги бинолари фақат Янги Тошкентда қурилаётган янги кампус фойдаланишга топширилгандан кейингина бўшатилади.
Вазирлик маълумотига кўра, университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда объектларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан замонавий ўқув бинолари ва 5 минг ўринли янги талабалар ётоқхоналари барпо этилмоқда.
Шунингдек, вазирликнинг билдиришича, 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида режалаштирилган 8 минг ўрин ўрнига 11 084 та янги ётоқхона ўрни яратилган. 2026 йилда эса яна 12 110 та янги ўрин фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Изоҳ