Туркиянинг Ҳатай вилояти Арсуз туманида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган турар-жой мажмуаси негизида ташкил этилган "Ўзбекистон маҳалласи", Шавкат Мирзиёев булвари ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Нуман Куртулмуш мазкур ташаббус икки қардош халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи эканини таъкидлади. Мустафо Масатли эса 2023 йилги зилзиладан кейин Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам турк халқи хотирасида сақланиб қолишини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар рамзий тасма кесиб, Шавкат Мирзиёев булвари ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчаларини расман очди.
Маълум қилинишича, мазкур мажмуа Ўзбекистоннинг Ҳатай вилоятини тиклаш бўйича гуманитар кўмаги доирасида қурилган бўлиб, у икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва қардошлик муносабатларининг яна бир намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Изоҳ