Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари учун этика ва хизмат хулқ-атвори қоидаларини тасдиқлади. Тегишли қарор e-qaror порталида эълон қилинди.
Ҳужжат давлат хизматчиларининг иш вақтида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам ўзини тутиши, фуқаролар билан мулоқот, ОАВ билан муносабат ва коррупциянинг олдини олиш масалаларини тартибга солади.
Тасдиқланган қоидаларга кўра, ходимларга:
— қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда, жумладан онлайн ўйинларда иштирок этиш;
— тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
— хизмат автомобили ва гувоҳномасидан шахсий мақсадларда фойдаланиш;
— хизматга оид маълумотларни бегона шахслар билан муҳокама қилиш;
— хизмат фаолияти билан боғлиқ совға ва хизматларни қабул қилиш;
— давлат органлари обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш тақиқланди.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига камтарона ташқи кўринишга эга бўлиш, миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва жамоатчиликда салбий муносабат уйғотувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик белгиланди.
Ҳужжатнинг алоҳида бўлими фуқаролар билан муносабатларга бағишланган. Унга кўра, ходимлар:
— мурожаатчиларни хушмуомала ва эътибор билан қабул қилиши;
— қўполлик, тажовузкорлик ва фуқароларнинг қадр-қимматини камситиш ҳолатларига йўл қўймаслиги;
— одамларни асоссиз куттирмаслиги;
— телефон орқали мулоқот маданиятига риоя қилиши шарт.
Шунингдек, ҳужжат ОАВ билан муносабатларни ҳам тартибга солади. Энди давлат органлари номидан оммавий баёнотларни фақат ваколатли шахслар бериши мумкин бўлади. Амалдорларга давлат сири ёки бошқа давлат органлари ва мансабдорлар обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш тақиқланди.
Коррупцияга қарши кураш соҳасида ходимлар жиноят ёки коррупциявий қоидабузарликка ундаш ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериши, шунингдек, ҳамкасблари орасидаги шундай ҳолатлар ҳақида раҳбариятни хабардор қилиши шарт этиб белгиланди.
Ҳужжат манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича талабларни ҳам жорий қилди. Бундай ҳолат юзага келганда ходим бир иш куни ичида раҳбарият ёки ички назорат бўлимига хабар бериши керак.
Янги қоидалар ижросини назорат қилиш учун ҳокимлик ҳузурида махсус Этика комиссияси фаолият юритади.
Изоҳ