Фарғона водийсида Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарлари ўртасида янги темир йўл қатнови йўлга қўйилди.
Шавкат Мирзиёев ушбу йўналиш бўйича илк сафарини Қўқондан Марғилонга бориб, жамоатчилик вакиллари билан бирга амалга оширди.
Ушбу лойиҳа аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсида транспорт алоқасини яхшилаш, фуқаролар учун қулай, хавфсиз ва арзон алоқа турини яратиш, шунингдек, йўловчи ташиш ҳажмини оширишга қаратилган. Темир йўл ҳалқасининг узунлиги 324 км.
Янги поезд Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводида ишлаб чиқарилган. У олтита вагондан иборат бўлиб, 586 йўловчига мўлжалланган ва соатига 120 километргача тезликка эриша олади.
"Чипта нархи - 15 минг сўм. Бу автомобиль транспортига нисбатан анча арзондир. Кунига 1,5 минггача ва йилига 600 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти ҳудудда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади," - дейилади хабарда.
Вагонларда иқлим назорати ва кондиционер тизимлари, вагонларда видеокузатув тизимлари, зарба ютувчи элементлар, велосипедлар учун маҳкамлагичлар ўрнатилган, бепул Wi-Fi ва гаджетлар учун USB портлар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар, кенг жойлар ва мослаштирилган санитария шохобчалари мавжуд.
Янги темир йўл ҳалқа линияси Фарғона водийсининг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Шунингдек, бекатлар яқинида хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналари ташкил этиб, маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.
Изоҳ