Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи Қўқон шаҳридаги "Янги Ўзбекистон" массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди.
Қўқондаги янги массив шаҳарнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини ўзгартиришга хизмат қиладиган замонавий марказ сифатида шаклланмоқда. Аҳоли зичлигининг юқорилиги ва уй-жойга бўлган талабнинг ортиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа замонавий ечимларни қўллаган ҳолда шаҳар инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари бундан икки йил аввал Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлар асосида ушбу массив барпо этилмоқда.
Инвестицияларнинг умумий ҳажми 1,85 трлн сўмни ташкил этади. Массив 25 минг аҳолига мўлжалланган. Бу ерда 84 та кўп қаватли уй, ижтимоий ва ишбилармонлик инфратузилмаси объектлари - мактаб, боғча, олийгоҳ, бизнес маркази, савдо мажмуаси ва дам олиш масканлари қурилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 4 минг 394 хонадонли 56 та ўн қаватли уй фойдаланишга топширилди. Уй-жойлар тайёр таъмирланган ҳолда 35 фоизлик бошланғич бадал шарти билан йиллик 16 фоиз ставкада 20 йилгача муддатга берилади.
Президентимиз хонадонлардан бирида яратилган шароитлар билан танишиб, лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини таъкидлади. Янги уй-жой массивлари нафақат маиший шароитларни яхшилашга, балки замонавий турмуш маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Ташриф давомида Фарғона вилояти нуронийлари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот иштирокчилари ҳудудлардаги ижобий ўзгаришларни, жумладан, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтиришни таъкидладилар. Уларнинг нутқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун миннатдорлик билдирилди.
Давлатимиз раҳбарига "Янги Ўзбекистон" массиви қурилишининг иккинчи босқичи ва Қўқон шаҳрини янада ривожлантириш лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди.
Изоҳ