Тошкент шаҳрида парковка жойларини бошқариш бўйича ягона тизимни жорий этишга қаратилган пилот лойиҳа ишга туширилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда шаҳарда нотартиб парковка қилиш муаммоси долзарблигича қолмоқда. Автомобиллар тротуарлар, кириш-чиқиш йўлаклари ва бинолар олдига тўғри келмаган ҳолда жойлаштирилиб, пиёдалар ҳаракати чекланиши ва хавфсизлик даражаси пасайишига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, аҳоли гавжум ҳудудларда автомобилларнинг 20–30 фоизи қоидабузарлик билан тўхтайди. Бу эса тротуарлар ўтказувчанлигини 40–60 фоизгача камайтиради.
Янги тизим доирасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳузуридаги хусусий парковкалар ягона шаҳар бошқарув тизимига уланади. Бу орқали парковка жойларининг аниқ ҳисоби юритилади, уларнинг бандлиги назорат қилинади ва фойдаланишнинг шаффоф тизими шакллантирилади.
Лойиҳа доирасида тушум манбалари ҳам шакллантирилиб, улар йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Шунингдек, таҳлилларга кўра, тирбанд ҳудудларда транспорт оқимининг 30 фоизгача қисми, айрим жойларда эса 40 фоизи парковка жойи қидириш ҳисобига тўғри келади. Халқаро тажриба рақамли бошқарув тизимлари парковка қидириш вақтни 43 фоизгача, йўл босиш масофасини эса 30 фоизгача қисқартиришини кўрсатган.
Лойиҳа ҳозирча пилот тарзда амалга оширилмоқда. Унинг самарадорлиги баҳолангандан сўнг, жамоатчилик муҳокамаси асосида кенгайтирилиши мумкин.
Изоҳ