Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Паяриқ туманида янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуасини бориб кўрди. Шу ерда Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Президентимиз ташаббуси билан мажмуа ислом оламида ўзига хос ўринга эга буюк муҳаддиснинг юксак маънавий обрўси ва улкан илмий меросига мос равишда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган.
Хусусан, мажмуа қошида туризм маркази ташкил этилган. Унга туташ 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма барпо этилиб, шинам меҳмонхоналар, сервис объектлари қурилди. Тўрт юлдузли меҳмонхона, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 176 ўринли 22 та оилавий меҳмон уйи, автотураргоҳ барпо этилди. Ушбу объектлар коммуникация тармоқлари билан тўлиқ таъминланиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Илгари Имом Бухорий мажмуаси кунига 12 минг зиёратчини қабул қилган бўлса, эндиликда унинг қуввати кунига 65 минг зиёратчига хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.
Ёдгорлик мажмуасининг майдони 45 гектар. Унинг ҳудудида 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурий бино, 154 устунли миллий услубдаги салобатли айвон барпо этилган.
Энг илғор ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда 9 та павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. Унда ислом оламида "муҳаддислар султони" деб эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз боради. Музейда Қуръони каримда зикр этилган 25 пайғамбар қиссалари, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларни тўплаш ва ёзиш жараёни ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари сайёҳлик маркази ва масжидда яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирди.
- Бу зиёратгоҳ халқимизга, дунёдаги барча мусулмонларга эзгулик, маърифат улашувчи қутлуғ масканга айланишига ишонаман. Ишончим комил, бу даргоҳни зиёрат қилиб, ундаги маънавий муҳитдан баҳраманд бўлган ёшлар ислом динининг асл моҳиятини англаб, тўғри йўлдан адашмайди," - деди президент.
Барча ишлар якунлангани муносабати билан Рамазон ҳайити намозини айнан мажмуанинг янги масжидида адо этиш таклиф этилди.
Изоҳ