Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бир аёлга нисбатан қилинган шафқатсиз ва таҳқирли хатти-ҳаракатлар акс этган видеотасвирлар тарқалиб, кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилган.
Олиб борилган суриштирувлар давомида аниқланишича, 1991 йилда Избоскан туманида туғилган, ҳозирда Андижон шаҳрида яшовчи аёл 1998 йилда туғилган бошқа бир аёлни турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатда бўлиб юрганликда айблаб, унга нисбатан қасд олиш мақсадида режа тузган.
2025 йилнинг 23 декабрь куни у даволаниб ётган шифохонага 1995, 2004 ва 2001 йилларда туғилган таниш аёллар орқали 1998 йилда туғилган аёлни олиб келтириб, уни турли ножўя ҳаракатлар билан таҳқирлашган ҳамда бу жараённи видеотасвирга олишган.
Шундан сўнг 1991 йилда туғилган аёл ўзининг олдиндан таниши бўлган 1999 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар эркакни касалхонага чақириб, уларга мазкур аёлни овлоқ жойга олиб бориб, сочларини олиб ташлашни буюрган.
Бунинг оқибатида 1998 йилда туғилган аёл эркига хилоф равишда беш нафар шахс томонидан оқ рангли Gentra русумли автомашинага мажбурий равишда ўтказилиб, Андижон тумани Жевачи маҳалласи ҳудудидаги хилват жойга олиб борилган.
У ерда 1999 йилда туғилган эркак томонидан унинг сочлари машинка ёрдамида олиб ташланган. Мазкур жараён 1995 йилда туғилган аёл томонидан видеотасвирга олинган ва орадан маълум вақт ўтгач, ижтимоий тармоқларга жойланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи беш нафар шахслар процессуал тартибда ушланган.
Мазкур жиноят иши Андижон вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Изоҳ