Дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган CNN Arabic саҳифасида "Инсоний биродарлик бўйича Заед мукофоти"нинг аҳамиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Унда мазкур мукофот шунчаки рамзий эътироф эмас, балки турли маданиятлар ва динлар ўртасида тинчлик ҳамда бағрикенгликни тарғиб қилувчи юксак платформага айлангани таъкидланган.
Маълум қилинишича, ушбу мукофот 2019 йилда Абу-Дабида Рим папаси Франсиск ва Ал-Азҳар имоми Аҳмад ал-Таййиб томонидан имзоланган "Инсоний биродарлик ҳужжати" шарафига таъсис этилган. Бу тарихий қадам бугунги кунда глобал миқёсда тинчликпарварликнинг асосий дастурига айланган.
Мақолада 2026 йилги тақдирлаш маросими ҳақида ҳам сўз боради. Қайд этилишича, жорий йилги маросим анъанавий тарзда инсоният манфаатлари йўлида фидокорона меҳнат қилган шахслар ва ташкилотларни дунёга танитди. Бу йилги лауреатлар очликка қарши кураш, таълимни ривожлантириш ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида юксак натижаларга эришган.
Шунингдек, "Заед" мукофоти нафақат маданий мулоқотни, балки ижтимоий адолатсизликка қарши курашни ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланган. Мақола муаллифларининг қайд этишича, мукофот фонди инсониятнинг энг заиф қатламларига ёрдам бериш учун йўналтирилади.
Мақоладаги асосий ғоя шундан иборатки, дунёдаги мавжуд ихтилофларни фақатгина "инсоний биродарлик" тамойили асосида, ўзаро ҳурмат орқали енгиш мумкин. Мукофот Шайх Заед бин Султон Ол Наҳаённинг бағрикенглик ва саховат борасидаги меросини давом эттириб келмоқда.
Маълумот учун, мақола муаллифлари сифатида Мукофот Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом ҳамда мукофот ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Марказий Осиёнинг биринчи ва ягона вакили — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администратсияси раҳбари, 2026 йил ҳакамлар ҳайъати аъзоси Саида Мирзиёева кўрсатилган.
Таъкидланишича, бугунги геосиёсий вазиятда бундай ташаббуслар давлатлар ўртасидаги алоқаларни нафақат сиёсий, балки маънавий жиҳатдан ҳам мустаҳкамлайди. Бағрикенглик ва динлараро тотувлик устувор бўлган Ўзбекистон учун ушбу ғоялар айниқса яқин ва ҳамоҳанг ҳисобланади.
Изоҳ