2021 йилда Effect uz янгиликлар сайтининг собиқ журналисти Элёрбек Тожибоев ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва суд ишларини ҳал қилишга аралашиш учун ЖКнинг иккита моддаси бўйича айбдор деб топилиб, манзил-колонияда жазо муддатини ўташ шарти билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
2024 йилда шартли равишда озодликка чиқарилгач, "AK Xalqparvar Guruhi" МЧЖга махсус мухбир сифатида ишга жойлашган. 2025 йилда Э. Тожибоев яна ҳибсга олинди ва унга ЖКнинг 6 та моддаси бўйича айблов эълон қилинди.
Мазкур ҳолат 20 январь куни жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида кўриб чиқилди, деб хабар берди Фарғона вилоят судлари Матбуот хизмати.
Суд ҳукми билан Э. Тожибоев қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди:
• 139-модда 3-қисми "г" банди (туҳмат);
• 140-модда 3-қисми "а" банди (жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш);
• 165-модда 1-қисми (товламачилик);
• 219-модда 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш);
227-модда 2-қисми "а" банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар, автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
244-6-модда 1-қисми (ёлғон ахборот тарқатиш).
ЖКнинг 60 ва 61-моддалари асосида илгари қўлланилган шартли озод қилиш бекор қилинди. Натижада унга ўташ учун узил-кесил 4 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ