ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юрисконсульти пора олаётган вақтда қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро 2022 йил октябрь ойида Яшнобод туманидан 80 кв.м ер майдонини E-аукцион платформаси орқали маиший хизмат кўрсатиш объекти қуриш учун 49 йил муддатга ижарага олиб, ютиб олган.
Бироқ турли сабабларга кўра қурилиш ишлари тўхтаб қолган, ер майдони эса узоқ вақт фойдаланилмай ётган. 2025 йил сентябрь ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича фуқаролик судига даъво аризаси киритган.
Бироқ, тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг, суд унинг фойдасига қарор қабул қилди.
Судда даъвогар сифатида иштирок этган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юрисконсульти ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркордан суд қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида бош юрисконсульт 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ