Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШда NVIDIA компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашувда мамлакатда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйиш режалари эълон қилинди.
NVIDIA билан биргаликда қуйидаги йўналишларда сунъий интеллект ривожлантириш стратегияларини амалга оширишни режалаштирмоқда:
Билим ва тажриба алмашинуви
NVIDIA сунъий интеллектни бошқариш, экосистемани ривожлантириш ва соҳа бўйича илғор халқаро тажрибаларни, мавжуд очиқ ва махфий бўлмаган маълумотлар доирасида, Ўзбекистон томони билан бўлишади.
Таълим ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш
Ўзбекистон замонавий NVIDIA технологиялари ва таълим дастурлари асосида “AI Excellence Markazi”ни ташкил этиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу марказ профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш дастурларини ўз ичига олади.
Сунъий интеллект инфратузилмаси
Вазирлик 2026-йилга қадар умумий ҳисобда 1 мегаваттгача ҳисоблаш қувватига эга бўлган иккита Сунъий интеллект кластерининг техник асосларини ишлаб чиқиш ва баҳолашни режалаштирмоқда. Кластерлардан бири таълим ва илмий изланишларга, иккинчиси эса рақамли ҳукумат, тиббиёт ва саноатдаги сунъий интеллект лойиҳаларига йўналтирилади. Уларнинг амалга оширилиши алоҳида келишувлар ва мавжуд инфратузилма имкониятларига боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат миқёсида сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича бир қатор миллий ташаббусларни эълон қилди. Ушбу ташаббуслар Ҳукумат томонидан бошқарилади ва алоҳида келишувлар ва тасдиқларга асосан NVIDIA билан келгусида ҳамкорликни ўз ичига олиши мумкин:
– Олий ўқув юртлари учун NVIDIA сунъий интеллект инфратузилмаси.
Ҳукумат етакчи олий таълим муассасаларини NVIDIA суперкомпютер инфратузилмаси билан таъминотлаш бўйича ташаббусни кўриб чиқмоқда. Лойиҳа учун молиявий ресурслар ажратилган бўлиб, харид жараёни 2025-йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.
– Таълимга сунъий интеллект ўқув дастурларини жорий этиш.
Ҳукумат мамлакатдаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларига сунъий интеллект йўналишларини босқичма-босқич жорий этиш устида ишламоқда. Шу билан бирга, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, NVIDIA Deep Learning Институти дастурлари асосида профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
– Саноат ва давлат сектори учун NVIDIA AI инфратузилмаси.
Ҳукумат 2026-йилда саноат корхоналари, банклар ҳамда давлат ташкилотларида қўшимча NVIDIA AI инфратузилмасини жорий этиш имкониятларини ўрганмоқда. Ушбу мақсадда тахминан 1 мегаватт қувват ва зарур молиявий ресурсларни ажратиш кўзда тутилади. Лойиҳа алоҳида келишувлар, мавжуд техник шароитлар ва экспорт назорати талаблари асосида амалга оширилади.
– Саноат йўналишидаги “AI Excellence” маркази учун 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя.
Ҳукумат рақамли эгизаклар (digital twins), робототехника ва саноат AI ечимларини ишлаб чиқишда NVIDIA технологияларини баҳолаш орқали Саноат йўналишидаги “AI Excellence” марказини ташкил этиш мақсадида тахминан 3 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Лойиҳа 2026-йилда ишга тушиши кутилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳасида глобал тажриба билан Ўзбекистоннинг барқарор технологик ривожланиш бўйича миллий устувор йўналишларини уйғунлаштиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ