• 12 060 сўм
    37.35
  • 13 916 сўм
    73.16
  • 149 сўм
    0.73
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 060 сўм
    37.35
  • 13 916 сўм
    73.16
  • 149 сўм
    0.73
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 16:48

"Асбоб-ускуналар ишлатилмаяпти, аҳоли дори-дармонларга пул сарфлашда давом этмоқда" - президент

Президент соғлиқни сақлаш соҳасига катта маблағлар йўналтирилаётганига қарамасдан, кўплаб шифо масканлари ажратилган ресурслардан фойдаланмаётганига эътибор қаратди. Қатор тиббиёт марказлари фаолиятида сусткашликка йўл қўйилгани кескин танқид қилиниб, уларнинг раҳбарларига касалликларнинг олдини олиш ва даволашда замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича талаблар қўйилди.

165
0
president.uz

Президент душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда таъкидлаганидек, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига 230 триллион сўм (20 миллиард доллар) йўналтирилди. Жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона иш бошлади, яна 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди. Бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошди. Мамлакатимизда ўртача умр кўриш эркаклар учун 71 ёшдан 73 ёшга, аёллар учун 76 ёшдан 77,5 ёшга узайган.

Шунга қарамай, аҳоли даромадининг катта қисми айнан дори-дармонларга сарфланмоқда.

"Сўнгги 5 йилда ихтисослаштирилган марказларга 7,5 трлн сўм ажратилган. Улар минглаб энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бирорта марказ менга дори етишмаяпти, деб айта оладими? Бу воситалар, асбоб-ускуналар ва дори-дармонлардан қандай фойдаланилади? Афсуски, ускуналар қувватининг бор-йўғи 25 фоизидан фойдаланилмоқда," - деди президент.

Рақамлаштирилмаган, хорижий ҳамкорлар топилмаган, клиник протоколлар янгиланмаган, илғор диагностика, профилактика ва даволаш йўлга қўйилмаган марказлар, туман ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг келажаги йўқлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳар бир маҳалла ва туманда касалликларнинг ўсиши ёки камайишини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича аниқ режалар асосида иш олиб бориш, жойларда ишларни ана шундай усуллар асосида ташкил этиш, катта маблағлар эвазига сотиб олинган замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Президент бу борадаги ишларни аниқ мисоллар асосида таҳлил қилди.

"Сўнгги 5 йилда ошқозон касалликлари умумий ҳисобда 1,5 баробарга камайган бўлса, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида деярли ўзгаргани йўқ. Яккабоғ туманида шифокорларга мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ," - деди давлат раҳбари.

Шунингдек, у шифокорлар ҳанузгача аҳоли, айниқса, болаларга антибиотикларни оммавий равишда буюраётганини танқид қилди. Туман шифохоналари ва поликлиникалари шифокорларига қайси дориларни буюриш мумкин-у, қайсиларини мумкин эмаслигини ўргатиш ишлари суст олиб борилмоқда.

"Яна бир мисол: Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида буйрак касалликлари даражаси республика кўрсаткичидан 40-50 фоизга юқори," - дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу ҳудудларда кўп йиллардан буён вазият ўнгланмаётгани Урология маркази ва Нефрология маркази раҳбариятини жиддий ташвишга солиши керак. Улар буйрак касалликларининг олдини олиш ва барвақт аниқлаш бўйича жойларда ўқитиши керак.

Шунингдек, кардиология маркази фаолияти танқид қилинди. Қайд этилишича, марказ учун уч йил аввал 5 миллион долларга сотиб олинган замонавий лаборатория ва симуляция ускуналаридан бирор марта ҳам фойдаланилмаган. Эндокринология маркази ҳам бир йил ичида ўз хизматлари нархини 35 фоизга оширди, аммо касалликларнинг олдини олиш ҳақида қайғурмади.

"Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, улар давлатники, халқники! Ҳар бир раҳбар хулоса чиқариб, ўзи учун катта йиллик режа тузиши керак. Ёки улар 3 ой ичида хорижий ҳамкор топиб, ўзлари ўзгартириш киритади, ёки бу ўзгартиришлар уларсиз амалга оширилади," - деди президент.

Вилоят ва туман тиббиёт раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари ҳамон эскича ёндашув ва усулда иш олиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Вилоятларга катта қийинчилик билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, баъзи жиҳозлар ҳатто очилмаган.

Мисол учун, Гурлан тумани шифохонаси учун 300 минг долларга харид қилинган МСКТ аппарати бор-йўғи 9 фоиз қувватда ишлатилмоқда. Навоий вилояти тез тиббий ёрдам марказидаги қарийб 1 млн долларлик ангиограф атиги 4 фоиз юклама билан ишламоқда.

Мутасаддилар хусусий клиникаларга бориб, тадбиркорлар бундай ускуналардан самарали фойдаланаётганини ўрганиши зарурлиги таъкидланди.

165
0

Изоҳ