Видеоролик ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Маданият вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг танқидига муносабат билдириб, ушбу видео реклама эмас, балки ижтимоий фойдали маълумот эканлигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 апрель куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков "Қўқон давлат университети" МЧЖ филиали талабалари ва Андижон вилоятида яшовчи ёшлар билан учрашув ўтказган.
"Учрашувдан сўнг бир гуруҳ талабаларнинг илтимосига биноан вазир ушбу таълим муассасасининг шарт-шароитлари ва имкониятлари билан танишди. Натижада вазир Озодбеков Назарбеков ёшларга ушбу имкониятлардан фойдаланиб, таълим олишларини тавсия қилган видеоролик тасвирга олинди," - дейилади Маданият вазирлиги хабарида.
Қайд этилишича, вазирнинг бу гаплари "Реклама тўғрисида"ги қонунга тааллуқли эмас. Бундан ташқари, видеоролик нодавлат олий таълим муассасасининг ижтимоий тармоқларига жойлаштирилган.
Шунингдек, ОТМ ва вазир ўртасида реклама фаолияти билан боғлиқ ҳеч қандай шартнома тузилмаган.
"Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг фикрлари илм-фан билан узвий боғлиқ бўлган ва фойда олишга йўналтирилмаган ижтимоий фойдали маълумотдир," - дея таъкидлади Маданият вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Маданият вазири эркаклар кийим-кечаклари дўконининг реклама ролигида суратга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда Маданият вазирлиги Озодбек Назарбеков The Voice of Uzbekistan лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида лойиҳанинг имижмейкерлари билан биргаликда кийим-кечак дўконига ташриф буюриб, навбатдаги сонни суратга олишда иштирок этиш учун либос танлаганини маълум қилганди. Натижада рекламасида маданият вазири суратга тушган дўконга жарима солинганди.
Изоҳ