Абдуллаев Баҳодир Тожимирзаевич “Ўзметкомбинат” АЖга бошқарув раиси – бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар қилди.
Ушбу лавозимда Баҳодир Абдуллаев 2024 йил октябридан бери ишлаб келган Дилшод Аҳмедов ўрнини эгаллади.
Янги раҳбар 1967 йил 5 декабрда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳрида туғилган. Олий маълумотга эга. Б. Абдуллаев — таркибида 20 дан ортиқ корхона фаолият юритаётган BA Holding асосчиси. 2022 йилда у «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида Ўзбекистон Президенти йирик давлат корхоналарини, жумладан, «Ўзметкомбинат»ни ҳам хусусийлаштириш дастурини маъқуллаган эди. ПҚ–145–сонли қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрга қадар корхонада нопрофил активларни қисқартириш, қарздорликни реструктуризация қилиш ва молиявий соғломлаштириш ишлари амалга оширилиши керак. 2026 йил 1 мартдан эса давлат улушини сотиш бўйича халқаро савдолар бошланиши режалаштирилган.
Дастур 115 та компанияни, 659 та кўчмас мулк объектларини ва 6100 гектар ер майдонини қамраб олади. Активларни сотиш орқали тахминан 30 трлн сўм даромад олиш кутилмоқда, шундан камида 10 трлн сўм давлат бюджетига йўналтирилади. Хусусийлаштиришдан мақсад — давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш, инвесторларни жалб этиш ва халқаро ҳисобот стандартларини (IFRS) жорий этишдир.
Изоҳ