Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудовга сенаторлик сўрови билан мурожаат қилди.
Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида сўнгги пайтларда узилишлар кўпайгани аҳолининг кундалик ҳаёти, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
"Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан электр таъминотидаги 3–4 соатлик узилишлар бўйича кўплаб мурожаатлар билдирилмоқда. Ушбу узилишлар нафақат фуқароларнинг кундалик турмуш тарзига, балки тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектларининг барқарор ишлашида ҳам муаммолар юзага келмоқда.
Хусусан, светофорлар фаолиятидаги узилишлар транспорт ҳаракатини тартибга солишда қийинчилик туғдирмоқда, бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва савдо объектларида совутиш тизимларининг ишдан чиқиши натижасида йирик молиявий зарарлар юзага келаётгани, хонадонларда эса маиший техника воситаларининг ишдан чиқиши ҳолатлари аниқланмоқда", - дейилади Сенат хабарида.
Маълумот учун, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига кўра, электр энергияси истеъмолчилари сифатли ва барқарор электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ушбу Қонуннинг 61-моддасида таъкидланишича, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақатгина бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин
Шу муносабат билан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан тегишли тушунтиришлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов номига сенатор сўрови юборилди.
Изоҳ