Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар қилди.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Режеп Таййип Эрдоған ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини қайд этди.
Президент долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси бу борада ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатиб ўтди ва қатор янги таклифлар билдирди.
Шавкат Мирзиёев савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ташкилот мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида "Турк-трейд" онлайн платформасини яратиш ва Товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклиф этилди.
Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Шавкат Мирзиёев ушбу йўналиш бўйлаб "ягона дарча" ва "яшил йўлаклар" тизимини тез фурсатда жорий этишга чақирди.
Ўзбекистон етакчиси Халқаро туркий маданият ташкилоти - ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти туркиялик атоқли олим, биокимёгар, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжарни Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлгани билан табриклади.
Саммит якунида Будапешт декларацияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Изоҳ