Излаш
RUUZ

Жамият

“Ўзбек халқи юз йилдан бери ҳеч нарса ўрмаяпти”: Алишер Қодиров 30 кишилик тўйни ўтказишга муносабат билдирди

Унга кўра, кўп одамни жамлаш давлатга эмас, аввало тўй эгасига зарар.

1210views0replies
0

parliament.gov.uz

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Telegram-каналида карантин даврида тўй ўтказишга ўз муносабатини билдирди.
“Махсус комиссия тўйларда одам сонини 30 кишидан оширишни тақиқлади. Сайловчиларнинг саволларидан маълум бўлмоқдаки, одамлар 100-200 кишилик тадбирларни ўтказиш йўлларини излашмоқда: “30 тадан 5 марта йиғса нима бўлади?", “Алоҳида уйларда ўтадиган тадбирларнинг ҳисоби бирлашадими?”, “Ҳовлимга 300 нафар одам сиғади, хавфсизликни таъминлайман, рухсат бўладими?", “Маҳалла раиси билан нозирни кўндириб, ими-жимида ўтказиб олсак, ким эътироз қилади?" ва ҳоказо...
Уйингизга кўп одамни жамлаш давлатга эмас, аввало ўзингизга зарар:
Биринчидан, таклиф этилганларни соғлом эканлиги, яъни вирус ташувчи эмасликларига кафолат беролмайсиз;
Иккинчидан, агар вирус сизнинг тадбирингизда тарқалса, хасталарнинг даволаниш харажатлари зиммангизга юкланади;
Учинчидан, уларнинг орасида катта эҳтимол билан оилангиз аъзолари ҳам бўлади;
Тўртинчидан, жарима тўлайсиз;
Арзийдими?” дея ўз фикрини билдирган у.
“Қолаверса, масала вирусда ҳам эмас! Тўй нима ўзи? Икки ёш инсоннинг оила қуриш қарорини элга эшиттириш тадбири. Бу мақсадга никоҳни қайд этиш ва никоҳни ўқиш маросимларида иштирок этадиган ҳар икки томоннинг вакил-гувоҳлари воситасида эришиб бўлинади. Дастурхон - ихтиёрий, имкониятлар билан боғлиқ масаладир. Фарзандларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган ота-оналар совғаларини, ёш оилага мадад бўлмоқчи бўлган қондошлар тўёналарини ҳаммага кўрсатмасдан, ёшларга беришса, бехаражат ва фойдалироқ бўлмайдими? Ёшлар яхшигина сармоя билан, хотиржам катта ҳаётга қадам қўйиш имкониятига эга бўладилар. 
Афсус, шу ихтиёрий қисм “орзу-ҳавас"ларнинг рақобат ритуаллари ва ижарага олинган обрўни кўз-кўз қилиш майдонига айланиб, унда ёш оиланинг мурғак ҳаваслари кўпкарига ташланган улоқчадек чилпарчин бўлиб кетаяпти. Ёш оила кимўзарчи ота-оналар “кўмагида” очофат ва ялтироқ исрофдан қарзга ботиб қолаяпти. Соҳта ва бефойда эътироф илинжида жамиятнинг асосий устуни ҳисобланган оиланинг пойдевори қумдан бўлиб қолаяпди ва биринчи синов шамолидаёқ сочилиб кетаяпти. 
Ким нима экса шуни ўради. Ўзбек халқи юз йилдан бери ҳеч нарса ўрмаяпти. Баъзи халқлар аллақачон келажак ҳисобини якунламоқдалар... ҳатто бизнинг ўрнимизга ҳам. 
Тўй-маъракалардаги хўжакўрсин рақобатдан бош кўтариб, тарбия, илм-маърифат, иқтисодий тараққиёт йўлида ҳаракат ва рақобатга кеч қолмаяпмизми?
Японларда жуда қизиқ бир халқ мақоли бор экан: “Оталарнинг пулига тўй қилганларнинг набиралари гадойлик қиладилар”. Ўзбекистонни ўзгартириш учун ўзимизни ўзгартиришимиз керак” деб ёзади партия раиси.
Эслатиб ўтамиз, партия раҳбари аввалроқ пандемия даврида шифокорларнинг меҳнатларини қадрлаб, уларга махсус реабилитация марказлари яратилиши зарурлигини, хориждан ватандошларни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлаш кераклигини ёзганди.
1210views0replies
0

Изоҳлар