Аудиоёзувдан англашилича, вилоят ҳокими суҳбатда Савдо-саноат палатаси раҳбари Адҳам Икромов ва тадбиркорлар билан бўлган йиғилишни сўзлаб беряпти.
Ҳокимнинг айтган гаплари қуйида таҳрирсиз келтирилмоқда:
“Тадбиркорларни тўплаб, йиғилиш қиляпмиз. Тошкентдан Адҳам Икромович келган. У тушунтиряпти, ундай бўлади, бундай бўлади. Ишинглар бўлса машинга мурожаат қилаверасизлар, мана номер 1100. Борми мурожаат деса, учтаси қўлини кўтаряпти. Меники қўзиб кетади-ку. Тур ўрнингдан, дедим. Нима мурожаатинг бор, дедим. “Ҳа энди”. Айт энди “ҳа энди”ламасдан. У тушунмай қўл кўтарворибдида. Ҳозир айтасан, дедим, шакал. Айтасан десам, ҳа энди дебётибди-да. Бекитяпти.
Унинг таъкидлашича, ҳаммасининг мурожаатлари Бош вазирга боргани билан, якунда унга келади. Агарда Бош вазир орқали келса, шунда тадбиркорларнинг кетига тепишини маълум қилган. Қолаверса, уларга қарата “сизларни одам туққанми, ит туққанми” дея савол берган.
Шунингдек, аудиоёзувда тадбиркорлардан бирини “тўнғиз”деб атаган.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда Андижон вилояти ҳокими журналист ва блогерларни танқид қилгани, унга мурожаатга келган фуқароларни 15 суткага қамаб қўйгани айтилганди.
Вилоят ҳокимлиги муносабат билдириб, ушбу аудиоёзув бундан икки йил муқаддам ёзиб олинганлигини билдирганди.
Бунинг ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу воқеага муносабат билдирар экан, "биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар "зўр"сизлар!" деганди.