Излаш
RUUZ

Жамият

"Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар "зўр"сизлар!» – депутат Андижон вилояти ҳокимининг аудиосига муносабат билдирди

Депутат "Андижон ҳокими буни қачон айтгани муҳим эмас, муҳими у вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги", дейди. 

900views0replies
0

Халқаро пресс-клуб

Бугун ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли эканлиги айтилган аудио тарқалди. Унда вилоят ҳокими ўзи иштирок этган пресс-конференцияларнинг бирида қатнашган журналистларга муносабатини ҳамда Марҳамат туманидан бўлган уч аёлни 15 суткага қаматгани ҳақида гапиради.
Бироздан сўнг вилоят ҳокимлиги мазкур аудио юзасидан муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, ушбу суҳбат 2 йил муқаддам бўлиб ўтган. Аммо ҳокимлик муносабатида 15 суткага қамалган аёллар юзасидан тушунтириш берилмади.  
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу воқеага муносабат билдирар экан, "биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар "зўр"сизлар!" дейди.
"Бир шахсда ваколатларнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши атрофдагиларга қимматга тушадиган хатоларга сабаб бўлади. Устига устак агар бундай ваколат эгаси тарбиядан йироқ, муомала маданияти йўқ, билими паст, иккиюзламачи бўлса бу – чинакам фожеа.
Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомаласи ва қонунларга "тупуриб қўйиб" феодал замон каби кимни истаса ўшани "15 суткага" қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги "ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер", деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан. 
Ўз даврида билим, одамлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлмаган бир гуруҳ заиф одамларнинг бошқарувга келиши табиий равишда улар томонидан қўрқитиш, сўкиш, дўқ пўписа қилиш орқали бошқариш "институти"га асос солинишига сабаб бўлган. Ва бу "институт"нинг усуллари бизда ҳали ҳам мева беришда давом этаяпти.
Андижон ҳокими масаласида эса ҳоким буни қачон айтгани муҳиммас, муҳими у Ленин сабаб бошланган "бошқарув мактаби"нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги. 
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва бошқаларга қарши курашиб, дунёга юз тутиб бораётган бир вақтда қанчалар хунук ва шармандали ҳолат: ҳеч бўлмаса демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Андижоннинг "ҳокими мутлақ" эканлигини билдириб, мақтанмаса бўлардику. Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар "зўр"сизлар!" дейди Кушербаев.  
900views0replies
0

Изоҳлар