Жорий йил 19 декабрь куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Юксалиш” маҳалласида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланди. Натижада оиланинг 19 ёшли аъзоси (фарзанд) заҳарланишдан вафот этган.
Оила бошлиғи, турмуш ўртоғи ва бир нафар фарзанди шифохонага ётқизилган.
– Беморлар 19 декабрь куни соат 17:00 да РШТЁИМ Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда олиб келинган эди. Оила бошлиғи (52 ёш)нинг аҳволи оғирлигича қолмоқда, аммо турмуш ўртоғида қисман ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Беморларда токсик жигар етишмовчилиги ва токсик пневмониялар кузатиляпти, - дейди РШТЁИМ Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлими шифокори Анвар Очилов.
Аниқланишича, оила қўлбола иситиш қозонидан фойдаланиб келган. Ушбу иситиш қозонидан чиқаётган заҳарли газнинг чиқиб кетиши учун мослама ўрнатилмаган. Шунинг оқибатида оила аъзолари ис газидан заҳарланишган.
Аввалроқ, Қаршида ис газидан 13 нафар ўсмир заҳарлангани ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, 2020 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 52 та ҳолат содир бўлган ва уларда 39 нафар фуқаро жабрланган ва 61 киши вафот этгани маълум қилинганди.