Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва вилоят ДХХ ходимлари томонидан Фарғона ва Наманган вилоятларида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Тезкор тадбир давомида Lacetti автомобили кўздан кечирилганда, сифатида кафолатланмаган дори воситалари олиб кетилаётганлиги аниқланган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу дори воситалари олинган Қўқон шаҳридаги хонадон ва мазкур дорилар сотиладиган дорихона текширилган. Оқибатда хонадонда сотиш учун тайёрлаб қўйилган, дорихонада эса сотилаётган қалбаки дори воситалари аниқланган.
Маълум бўлишича, мазкур 42 215 дона сифати кафолатланмаган, қалбаки дори дориларнинг умумий қиймати 504 млн сўмни ташкил этган.
Хонадонда қиймати 128 млн сўмлик жами 4 турдаги 1030 дона қалбакилаштирилган дори воситалари ва 13 976 дона қалбаки дориларни тайёрлаш учун дори воситалари қадоғи, ўрамлари ва ёрлиқлари борлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, дори воситаларини Фарғона шаҳрида қалбакилаштираётган шахс ҳам ушланган. Ушбу шахс томонидан Наманган вилоятида яшовчи шахсга қалбакилаштирилаётган дори воситаларининг ўрами, қадоғи, қутиси, фирма белгиси йўриқномаларини буюртма бериш орқали тайёрлатиб, олиб келинганлиги маълум бўлган. Фарғона шаҳрида ушбу шахс томонидан бошқа фуқароларни жалб қилган ҳолда "Аскорбин kislotasi", "Дексаметазон" каби дориларнинг ҳар бир ампуласини 100 сўм эвазига ёзувларини ўзгартирган. Натижада сохта белги ва ёрлиқлар қўйилиб, дори воситаларини қалбакилаштириш орқали бошқа дорилар тайёрлаб, дорихоналарда сотиб келинган.
Таъкидланишича, "Перацетам" дориси - "Милдронат", "Л-лизина эсцинат" ва "Актовегин" дориларига, "Дексаметазон” дориси - "Ретобалил" дорисига қалбакилаштирилган.
Қолаверса, тадбир давомида ушбу шахснинг яшаш хонадони тегишли тартибда кўзда кечирилган. Натижада 69 та қутида жами 6900 дона "Сефуроксим" номли япроқлик муддати 2021 йилда тугаган дори воситалари ҳамда ушбу дориларни қалбакилаштириш мақсадида 240 дона йўриқнома, 3050 дона дори воситаларининг қутилари сақлаб келинаётганлиги аниқланди.
Мазкур тезкор тадбир давомида умумий қиймати 1 млрд сўмлик 46 246 дона қалбаки ва сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 13 976 дона дори воситаларини қалбакилаштиришда фойдаланиладиган дориларнинг қадоғи, ўрами ва йўриқномалари далилий ашё сифатида олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.