Поиск
RUUZ

Общество

Олти ой ичида прокуратура 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб берди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

89views0replies
0

Бош прокуратура

Бугун, 19 июль куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти, Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2024 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, 2024 йилнинг 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 1,8 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Маданий мерос объектларини асраш, туризм ва спортни ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилишга доир вазифалар ижроси устдан назорат кучайтирилган.
Биргина, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиб, бевосита прокурорлар томонидан 420 минг тупдан зиёд дарахт экилди ҳамда Республикамизнинг барча ҳудудларида “Прокурор боғлари” барпо этилмоқда.
Бюджет даромадлари башорати ижросини сўзсиз бажариш ва қўшимча манбаларни жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга устувор аҳамият қаратилган.
Бюджет тушумлари прогнози ижроси юзасидан кундалик назорат ўрнатилиб, 84,2 трлн. сўмлик режа 85,7 трлн. сўмга ёки 102 фоизга бажарилиши ҳамда бюджетга қўшимча 9,6 трлн. сўмлик тушумлар туширилиши таъминланган.
Хусусан, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида прокуратура органлари аралашуви натижасида кўплаб муаммолар бартараф этилишига эришилган.
Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 50 мингта рейд тадбирлари давомида, 48 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 217 млрд. сўм зарар ундирилган.
Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 140 та объектнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 2,4 трлн. сўм маблағлар тежалиши таъминланган.
Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 1 442 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 1 752 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 961 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.
Ушбу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид вазифалар ижроси, айниқса, озиқ - овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Жумладан, аҳолини сифатли ва арзон озиқ - овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада деҳқон бозорлари ва ижтимоий соҳа объектларида савдо ярмаркаларини ташкил этишга доир вазифалар ижросини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.
Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато - камчиликларни кескин танқид остига олди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилди.
Бу борада одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини янада оширишга доир чора - тадбирлар белгиланди.
Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди.
Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 137 мингта мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва қарийб 30 минг нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Прокуратура органлари фаолиятига ошкоралик бериш, бунда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтилди.
Қолаверса, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора – тадбирларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Хусусан, прокуратуранинг электрон ахборот тизимида 35 дан ортиқ янги дастур ишга туширилиб, бошқа идораларнинг 100 дан зиёд тизимига интеграция қилинганлиги маълум қилиниб, бу борадаги ишлар янада жадаллаштириш қатъий таъкидланди.
Шунингдек, Бош прокурор томонидан ходимларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, малакали прокурорлар корпусини шакллантиришни янада кучайтириш, бу борада Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
89views0replies
0

Комментарии