Поиск
RUUZ

Криминал

Диний нашида тарқатган талаба 3 йилга қамалгани бўйича қўшимча маълумот берилди

У Сурияда фаолият олиб бораётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.

484views0replies
0

Facebook

Куни кеча Тошкент вилоятида Тelegram орқали нашида тарқатган талаба йигит 3 йилга қамалгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати батафсил изоҳ берди.
Унга кўра, 2022 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро У.Ж. ижтимоий тармоқлар орқали тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётганлиги хусусида маълумотлар олинган.
Тезкор-қидирув тадбирлар давомида аниқланишича, мазкур шахс Сурияда фаолият олиб бораётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.
У, халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали "жиҳод" ва "шаҳидликка чорлов" маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.
Хусусан, У.Ж. томонидан тарқатилган материаллар орасида "Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз" номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида "мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани" мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.
Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 20 февраль куни фуқаро У.Ж.га нисбатан ЖКнинг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан У.Ж.нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда кўплаб ёшларнинг муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган турли тақиқланган ташкилотлар таъсирида сохта "жиҳод", "ҳижрат" ва "шаҳидлик" ғоялари билан, Сурия, Ироқ ва бошқа, жанговор ҳаракатлар давом этаётган мамлакатлар ҳудудига чиқиб кетиши ҳолатлари давом этмоқда.
484views0replies
0

Комментарии