ССВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, ЙТҲ натижасида ўта оғир аҳволдаги яна бир нафар бемор амалга оширилган реанимацион чораларга қарамасдан вафот этган.
Қайд этилишича, eшбу фуқаро шифохонага "Бош миянинг оғир даражада лат ейиши. Мия ўзаги шикастланиши. Қорин бўшлиғи аъзолари ёпиқ жароҳати. Жигар сегментларининг эзилиб ёрилиши. Чап билак суягининг очиқ синиб силжиши. Ўнг болдир соҳаси олд юзаси ва ўнг қўл тирсак соҳаларининг 2-даражали куйиши. 3-даражали травматик шок" ташхиси билан олиб келинган. Унда белгиланган стандартлар бўйича барча зарур амалиётлар ўтказилган.
Беморлардан 4 нафарига тиббий хулосалар ижобий бўлгани учун амбулатор шароитда даволаниш учун уйига рухсат берилган. Ҳозирда 33 нафар беморда шифокорлар зарур муолажаларни давом эттирмоқда.
Назоратда турган беморларнинг 11 нафари РШТЁИМ Андижон филиалида, 16 нафари Асака тумани, 4 нафари Бўстон тумани, 2 нафари Шаҳрихон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида даволанмоқда.
Ушбу беморларнинг 1 нафари ўта оғир, 5 нафари оғир аҳволда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолатини тўлиқ назоратга олган бўлиб, беморлар зарур тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26 ноябрь куни Андижон вилояти Бўстон туманида Isuzu автобус ҳайдовчиси қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, юк машина билан тўқнашган. Оқибатда, автобус ичида бўлган 3 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.