Жаҳон банки прогнозларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2022 йилда 5,3 фоизгача секинлашади, 2023 йилда эса 4,9 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ логистика соҳасидаги қийинчиликларнинг кучайиши хусусий истеъмолнинг ўсишини секинлаштиради.
Шу билан бирга, хусусий инвестициялар ва экспортнинг барқарор ўсиши, шунингдек, жорий тўлов балансининг яхшиланиши кутилмоқда, чунки Ўзбекистон хомашёнинг жаҳон нархлари (олтин, мис, табиий газ) юқорилигидан янада кўпроқ фойда олишда давом этади ва меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари кўпайди. Жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсмаслиги, савдо камомади асосан давлат қарзлари ҳисобидан қопланиши кутилмоқда.
Товар экспорти тушумларининг ошиши ва давлат инвестицияларининг секин сарфланиши бюджет тақчиллигини 2021 йилдаги ЯИМнинг 6,2 фоизидан 2022 йилда 4,4 фоизгача камайтиради. Шу билан бирга, тақчиллик 2022 йилга мўлжалланган 3 фоизлик бюджет режасидан юқори бўлади, бу эса давлатнинг ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмани ривожлантиришга кўпроқ харажатлари ҳисобига амалга оширилади.
2023 йилга мўлжалланган фискал консолидация озиқ-овқат нархининг ошиши ва Украинадаги уруш оқибатларини юмшатиш муносабати билан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялаш кучайиши туфайли кечиктирилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини кенгайтириш мамлакатда қашшоқликни янада камайтириши прогноз қилинмоқда. Қашшоқлик даражаси 2023 йилда 14,5 фоизга, 2024 йилда эса 12,2 фоизга тушиши прогноз қилинмоқда. Бироқ, келгуси йилларда даромадларни сафарбар қилиш ва харажатлар самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан давлат харажатларининг консолидацияси яна кучайиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати қарз олиш бўйича ўз чекловларига амал қилишда давом этиши кутилмоқда. Шундай қилиб, давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охирига келиб ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич камаяди.
"Ушбу истиқболга салбий таъсир кўрсатадиган хавфлар қаторига Украинадаги узоқ давом этаётган уруш ва Россияга қарши янги санкциялар, шунингдек, кутилганидан ҳам қаттиқроқ глобал молиявий шароит киради. Иқтисодиётни ўзгартиришнинг мураккаб халқаро шароити таъсирида кучайиб бораётган ушбу мураккаб босқичида ислоҳотларни амалга оширишни секинлаштириш хавфи мавжуд. Иқтисодиёт учун потенциал ижобий тенденциялар қаторига олтин, табиий газ ва мисга жаҳон нархларининг ошиши, шунингдек, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида иқтисодиёт тармоқларида ҳосилдорликнинг тезроқ ўсиши киради”, — дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.