• 11 988 сўм
    -2.65
  • 13 115 сўм
    -22.09
  • 145 сўм
    -0.83
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 988 сўм
    -2.65
  • 13 115 сўм
    -22.09
  • 145 сўм
    -0.83
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 08:30

Ўзбекистонда 9 йилда 11 миллион киши камбағалликдан чиқди

Ўзбекистонда 2017 йилдан буён 11 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Келгусида аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 320 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

61
0
prezident.uz

Чоршанба куни Президент Шавкат Мирзиёевга камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган янги чора-тадбирлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш орқали сезиларли натижаларга эришилган. Хусусан, 2017 йилдан буён 11 миллион нафар киши камбағалликдан чиқарилган.

Давлат раҳбари бу натижалар аҳолини барқарор ва юқори даромад билан таъминлаш, шунингдек, ўрта синфни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичига ўтиш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлади.

Тақдимотда тадбиркорликни ривожлантиришнинг яхлит институционал тизимини шакллантириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Унга кўра, тадбиркорларга бизнесни ташкил этишдан тортиб, уни кенгайтириш ва ташқи бозорларга чиқишгача бўлган барча босқичларда комплекс хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Шунингдек, кредитлаш, кафиллик ва кафолатлар бериш, лизинг, факторинг, венчур молиялаштириш ҳамда капиталга инвестиция киритиш каби молиявий воситаларни кенгайтириш режалаштирилган.

Марказий банкнинг тижорат кредитлашини рағбатлантириш, банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар ўртасида рақобатни кучайтириш ҳамда тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Жумладан, кредитга лаёқатлиликни баҳолашнинг муқобил усулларини жорий этиш, банклар ва финтех-компаниялар ўртасида маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, тадбиркорларга битта ариза орқали бир нечта банкдан кредит таклифларини олиш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, молиявий низоларни судгача ҳал қилиш ва молиявий хатарларни бошқаришнинг янги механизмлари таклиф этилди.

Ҳудудларда бизнес-инкубаторлар ва лойиҳа офислари, туманларда эса микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади. Тадбиркорларга «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.

Аҳоли даромадларини бевосита ошириш мақсадида эса умумий қиймати 81 триллион сўм бўлган мингта лойиҳа амалга оширилиб, 320 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллалар ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришга эътибор қаратилади.

Белгиланган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилгача микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирик бизнес тоифасига ўтиш суръатини икки баравар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини эса 90 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу билан бирга, норасмий бандликни қисқартириш ишлари давом эттирилади.

Президент меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш берувчилар ва ходимлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантириш, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш ҳамда меҳнат соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишни топширди.

61
0

Изоҳ