Тошкент шаҳрида автомобилларни эвакуация қилиш ва уларни жарима майдончаларида сақлаш учун ягона чекланган тарифлар жорий этилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Қарорга мувофиқ:
— автомобилни жарима майдончасида сақлаш ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи (82 400 сўм) этиб белгиланди;
— махсус эвакуатор ёрдамида эвакуация қилиш ва ташиш хизмати ҳар бир километр учун ҳам БҲМнинг 20 фоизи (82 400 сўм)ни ташкил этади.
Шу билан бирга, автомобилни жарима майдончасига эвакуация қилишнинг умумий қиймати 4 БҲМдан (1 миллион 648 минг сўм) ошмаслиги белгиланди.
«Ушбу чора пиёдалар йўлаклари ва жамоат ҳудудларини одамлар учун эркин сақлаш, шаҳар муҳитини янада қулай, хавфсиз ва тартибли қилишга қаратилган изчил ишлар доирасида амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ягона чекланган тарифларнинг жорий этилиши тизимни янада тушунарли ва шаффоф қилади, фуқароларни асоссиз ҳисоб-китоблардан ҳимоя қилади ҳамда ортиқча тўловларнинг олдини олади.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида таъкидланишича, асосий мақсад хизматлар нархини тартибга солиш эмас, балки пойтахт кўчаларида тартиб-интизомни таъминлашдан иборат.
Изоҳ