Беларуснинг Орша шаҳрида “Славянский караван” номли илк юк поездини Орша–Тошкент йўналиши бўйича кузатиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда “Беларусь темир йўллари” давлат бирлашмаси директори Валерий Веренич, Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник, Орша шаҳри ижроия қўмитаси раиси Леонид Мойжик, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Янги йўналиш бўйича ҳаракатланувчи илк поезд таркиби 71 вагондан иборат бўлиб, унда жами 3 минг 840 тоннадан ортиқ ёғоч маҳсулотлари, шакар, сут ва ёғ маҳсулотлари, чорва учун озуқа, кимё саноати маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги юклар Ўзбекистонга жўнатилди.
Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожникнинг қайд этишича, мазкур темир йўл йўлаги логистика харажатларини сезиларли даражада қисқартиради. Хусусан, 20 тоннали контейнерни ташиш қиймати автотранспортга нисбатан қарийб 1,5 баробар арзонлашади, юкларни етказиб бериш муддати эса 5–7 кунни ташкил этади.
Унинг сўзларига кўра, янги йўналиш орқали Ўзбекистондан Беларусь бозорида талаб юқори бўлган енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини мунтазам етказиб бериш имконияти ҳам яратилади.
Изоҳ