• 12 050 сўм
    61.42
  • 13 686 сўм
    21.8
  • 153 сўм
    -0.2
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 050 сўм
    61.42
  • 13 686 сўм
    21.8
  • 153 сўм
    -0.2
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Иқтисодиёт Бугун, 16:07

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди

Қарор сақланиб қолаётган инфляцион босим, юқори ички талаб ва энергия тарифларининг ошиши туфайли нархлар ўсишининг тезлашиши хавфи фонида қабул қилинди.

68
0
Георгий Намазов / UzNews.uz

Марказий банк ҳисоботида айтилишича, сўнгги ойларда инфляциянинг пасайиш суръатлари секинлашган. Алоҳида таклиф омиллари, шунингдек, ташқи иқтисодий шароитлар таъсирида нархларга босим сақланиб қолмоқда. Ички талабнинг ўсиши юқори суръатларда давом этмоқда.

"Марказий банк Бошқаруви юқори ички талаб, энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири ва ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар шароитида 5 фоизлик инфляция мақсадига эришиш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни зарур деб топди," - дейилади хабарда.

Июнь ойида умумий инфляция тезлашиб, йиллик ҳисобда 6,4 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг тезлашиши асосан энергия ресурсларига тартибга солинадиган тарифларнинг оширилиши, шунингдек, кўмир нархларининг либераллаштирилиши билан изоҳланади.

Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди ва сўнгги ойларда деярли ўзгаришсиз шаклланди. Йилнинг иккинчи ярмида тартибга солинадиган нархларни оширишнинг иккиламчи таъсири инфляциянинг барқарор таркибий қисмларида намоён бўлиши мумкин.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайди. Июнь ойида аҳоли кутилмалари 10,1 фоизни, тадбиркорлар кутилмалари эса 9,9 фоизни ташкил этди. Нархлари 5 фоиздан ошган товар ва хизматлар улушининг ошиши ҳамда базавий инфляциянинг пасайишини тўхтатилиши иқтисодиётда инфляцион босимнинг сақланиб қолаётганлиги билан изоҳланади. 2026 йил якуни бўйича умумий инфляция прогнози ўзгаришсиз, 6,5 фоиз даражасида сақланиб қолди.

Иқтисодий фаоллик юқорилигича қолмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,5 фоизга ўсди. Чакана савдо ва хизматлар ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари истеъмол фаоллигини, инвестициялар динамикаси эса юқори инвестиция талабини акс эттиради.

“Мамлакатга жалб этилаётган инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг барқарор ўсиши, шунингдек, иккинчи ярим йилликда кутилаётган фискал харажатлар иқтисодий фаоллик ва ички талабни қўллаб-қувватлашда давом этиши кутилмоқда. 2026 йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиш 7,5−8 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда," - дейилади Марказий банк хабарида.

Марказий банк маълумотларига кўра, глобал иқтисодиётда геосиёсий кескинликнинг кучайиши фонида жаҳон бозорида озиқ-овқат ва хомашё нархларининг ошиши хавфи сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, савдо ҳамкор мамлакатларида ёқилғи таъминотидаги узилишлар, логистика ва транспорт харажатларининг ошиши билан бир қаторда, келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Шу билан бирга, глобал инфляцияни пасайтириш жараёнининг вақтинча тўхтатилиши ва бир қатор мамлакатларда пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши қатъий ташқи молиявий шароитларнинг илгари кутилганидан узоқроқ сақланиб қолиш эҳтимолини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, ташқи молиялаштириш шартларига нисбатан ноаниқликни сақлаб қолмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги вақтда қатъий пул-кредит шароитлари шаклланган. Ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга мойиллигини қўллаб-қувватлайди ва кредитлашнинг мўътадилроқ суръатларига ёрдам беради.

Таъкидланишича, юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда асосий ставканинг йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиниши инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш имконини яратади.

68
0

Изоҳ