Таъкидланишича, дунёдаги ҳарбий можаролар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳарбий давр эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тинчлик пайтидаёқ тайёрланган офицерлар захирасини шакллантириш ва уларни ҳарбий мутахассисликлар бўйича тўғри тақсимлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Таклифга кўра, 5 та янги ҳарбий ўқув маркази ташкил этилади. Улар Урганч, Термиз ва Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида очилади.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида «Чақирувгача ҳарбий таълим» йўналиши бўйича уч йиллик бакалавриат асосида офицерлар захираси ва захирадаги ҳарбийларни тайёрлаш тизими жорий этилади. Ҳарбий-тиббиёт институтида эса илк бор клиник ординатура ва магистратурага қабул қилинган, ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагини билдирган талабалар учун тўлов-контракт асосида таълим ташкил этилади. Бу имконият нодавлат олий таълим муассасалари талабалари учун ҳам яратилади.
Йиғилишда, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Мудофаа вазирлиги офицерлари учун хизмат стажига бериладиган ойлик устама миқдорини икки баравар ошириш, шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг пул таъминотини 10 фоизга ошириш таклиф этилди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект, дронлар ва робототехника каби замонавий ва тор ихтисослашган йўналишларда захира офицерларини тайёрлаш йўлга қўйилади. Илғор хорижий армиялар тажрибаси асосида ҳарбий тайёргарлик бўлинмалари учун янги ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Президент тақдим этилган таклифларни қўллаб-қувватлади ва тегишли ҳужжатларни имзолади.
Изоҳ