Президент қарори лойиҳасига мувофиқ, ушбу ислоҳотлар ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда давлат бюджети даромадларини оширишга қаратилган.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоалар кўрсатадиган барча хизматлар “Солиқ” мобил иловаси орқали мажбурий тарзда рўйхатга олинади. Хизмат кўрсатиш жойи, санаси ва қиймати ҳақидаги маълумотлар киритилгандан сўнг, белгиланган тўлов амалга оширилади ва автоматик равишда электрон маълумотнома шакллантирилади.
2026–2029 йиллар давомида жисмоний шахслар даромад солиғини “бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш тартиби амал қилади. Бу тартиб меҳнат шартномаси асосида ишловчи ижрочиларга татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб концерт фаолияти билан шуғулланувчилар учун айланмадан олинадиган солиқ бекор қилинади.
Янги тизимга кўра, мобил иловада маълумот киритмаслик ёки белгиланган тўловни амалга оширмаслик лицензия талабларини қўпол равишда бузиш сифатида баҳоланади. Бундай ҳолларда ижрочиларга шартнома қийматининг 20 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан кам бўлмаган миқдорда жарима қўлланади.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларга ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши назарда тутилган.
2029 йил 1 январдан бошлаб эса концерт хизматларидан олинган даромадларга солиқ ставкаси шартнома қиймати асосида ҳисобланади. Солиқ ҳисоб-китоблари, ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиш жараёнлари солиқ органлари томонидан автоматик равишда амалга оширилади.
Шунингдек, мобил иловада қуйидаги қўшимча имкониятлар жорий этилади:
— хизматлар бўйича шартномаларни онлайн рўйхатдан ўтказиш;
— тадбирларни электрон тарзда банд қилиш;
— электрон тўловларни амалга ошириш;
— ижрочилар хизматлари бўйича ўртача нархлар каталогини шакллантириш;
— ижрочиларнинг прайс-листларини очиқ эълон қилиш.
Янги тизим доирасида ижрочилар учун рейтинг тизими ҳам жорий этилиб, уларнинг солиқ интизоми ва шартномаларни бажариш кўрсаткичлари баҳоланади.
Шу билан бирга, 2029 йилдан бошлаб концерт-томоша хизматларини фақат нақдсиз тўлов асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Изоҳ