• 12 192 сўм
    13.21
  • 13 996 сўм
    -56.7
  • 143 сўм
    -3.54
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 192 сўм
    13.21
  • 13 996 сўм
    -56.7
  • 143 сўм
    -3.54
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 16:48

Ўзбекистонда илк атом электр станцияси қурилиш майдонида биринчи бетон ишлари бошланди

Қурилиш майдонида реактор биноси учун бетон тайёргарлик ишлари бошланган бўлиб, уларни 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Шу билан бир вақтда «Росатом» билан стратегик келишувлар ҳам имзоланди.

93
0
uznews.uz

Бугун, 24 март куни Жиззах вилояти Фориш туманида қурилаётган бўлажак атом электр станцияси (АЭС) қурилиш майдонида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди ва илк бетон ишларига расмий старт берилди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикаси агентлиги ҳамда давлат корпорацияси «Росатом» атом соҳаси ва унга яқин тармоқларда узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси», шунингдек Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича контрактга қўшимча келишувни имзолади.

Ҳужжатларга «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзо чекди.

«Йўл харитаси» ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олади: АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилиниши, атомчилар шаҳри инфратузилмасини яратиш ва тармоқни комплекс ривожлантириш.

Шу билан бирга, Фориш туманидаги АЭС қурилиш майдонида РИТМ-200Н реактори асосидаги кичик қувватли атом станцияси энергоблоки қурилиши доирасида илк бетон ишларини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳозирги вақтда реактор биноси учун бетон тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Жами тахминан 900 куб метр бетон қуйилади. Натижада реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш ишлари билан тайёр асос ҳосил қилинади.

Шунингдек, станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга қўшимча келишув ҳам имзоланди:

— ВВЭР-1000 (3+) реакторли икки та энергоблок; — РИТМ-200Н реакторли икки та энергоблок (ҳар бири 55 МВт).

Тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг станция йилига тахминан 15,4 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради, бу эса мамлакат умумий истеъмолининг 15 фоиздан ортиғини ташкил этади.

«Бу ишлар лойиҳанинг изчил амалга оширилаётганини ва яқин вақтда Ўзбекистон мустақиллик тарихидаги энг йирик энергетик лойиҳанинг фаол қурилиш босқичига ўтилишини англатади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, АЭС қурилишига тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бири сифатида «АЭС қурилиши дирекцияси» давлат корхонасига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси томонидан РИТМ-200Н реакторли икки энергоблокни жойлаштириш учун майдондан фойдаланишга рухсат берилган.

Экспертиза натижалари ушбу майдонда фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмик фаоллик ҳудудлари ёки кучли карст ҳосил бўлиш зоналари каби тақиқловчи омиллар йўқлигини тасдиқлади.

«Ижобий хулоса танланган майдоннинг ядровий ва радиацион хавфсизлик талаблари, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ жавоб беришини кўрсатади. Бу ҳужжат майдондан фойдаланиш учун асосий аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай АЭС лойиҳаси ҳаёт циклидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. У лойиҳалаш, муҳандислик тайёргарлиги ва кейинги қурилиш босқичларини давом эттиришга, барча босқичларда максимал хавфсизликни таъминлашга имкон беради», — дея таъкидланди агентликда.

Ўзбекистонда илк атом электр станцияси қурилиш майдонида биринчи бетон ишлари бошланди.

Қурилиш майдонида реактор биноси учун бетон тайёргарлик ишлари бошланган бўлиб, уларни 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Шу билан бир вақтда «Росатом» билан стратегик келишувлар ҳам имзоланди.

93
0

Изоҳ