Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологик таълим ва маданиятни ошириш, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Аввало, "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Лойиҳанинг муҳим таркибий қисми сифатида иссиқхона хўжаликлари масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўплаб иссиқхона хўжаликлари тўпланган бўлиб, иситиш манбаи сифатида кўмир, мазут ва ностандарт ёқилғи турларидан фойдаланадиган иссиқхоналар улуши юқорилиги, NO₂, SO₂ ва PM2,5 каби хавфли моддалар чиқиндилари ҳаво сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятида қуёш инсоляцияси даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан паст бўлганлиги сабабли, бу ерда иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш харажатлари анча юқори. Масалан, январь ойида Тошкентда ўртача ҳаво ҳарорати +6 даража бўлса, Термизда +10,8 даража бўлади. Тошкент вилоятида 1 тонна иссиқхона маҳсулотларини етиштириш таннархи 11,9 млн сўмни, Сурхондарё вилоятида эса 4,9 млн сўмни ташкил этади.
Маҳсулотларни инсоляция даражаси юқори бўлган ҳудудларда етиштириш иссиқхона хўжаликларининг молиявий барқарорлиги учун ҳам, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам фойдалидир.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларини босқичма-босқич табиий-иқлим шароити қулай ва энергия самарадорлиги юқори бўлган туманларга кўчириш таклиф этилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш белгиланган. Бу ҳудуд юқори қуёш инсоляцияси, юмшоқ қиш ва иситиш харажатларининг сезиларли даражада пастлиги билан ажралиб туради, бу эса маҳсулот таннархини кескин пасайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхоналар ташкил этишни чеклаш, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.
Изоҳ