Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга республикага келтирилган янги "Hyundai Rotem" тезюрар поездида Самарқанддан Нарпай туманига етиб келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган поезд Ўзбекистонга олиб келинадиган олтита Hyundai Rotem поездларининг биринчиси бўлди. Поезд 7 та вагондан иборат бўлиб, соатига 260 км тезликка эриша олади.
Ойналари туси ўзгартирилган оқ рангли таркиб Ўзбекистон байроғини эслатувчи кўк, яшил ва қизил рангли чизиқлар, шунингдек, "Жалилоддин Мангуберди" ёзуви билан безатилган. Поезднинг узунлиги 175 метр бўлиб, ВИП, бизнес ва эконом каби учта классда 390 га яқин йўловчини сиғдира олади.
Қайд этилишича, поезд Ўзбекистоннинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда махсус ишлаб чиқилган: у чанг, ўта юқори ва паст ҳарорат, қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган ва узоқ масофали йўналишларга мўлжалланган. Яқин кунларда поезд Тошкент - Урганч - Хива йўналишида қатнай бошлайди. Сафар вақти 7 соатни ташкил этади.
Шавкат Мирзиёев Нарпайга келгач, Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги гидропоника усулида қулупнай етиштириш иссиқхонаси фаолияти билан танишди. Лойиҳанинг умумий қиймати 650 минг долларни ташкил этади.
Изоҳ