Бугун, 18 март куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14% даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар қилди регулятор матбуот хизмати.
Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги ойларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши фонида умумий инфляциянинг пасайиш тенденцияси секинлашган ва унинг даражаси деярли ўзгаришсиз қолган. Шу билан бирга, юқори истеъмол фаоллиги ва ташқи шароитлардаги инфляцион хавфлар сақланиб қолаётгани инфляцияни ўрта муддатли мақсад даражасига тушириш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлашни тақозо этмоқда.
2026 йил бошидан иқтисодиётда инфляцион жараёнлар маълум даражада жадаллашди. Натижада базавий инфляция ўсиш траекториясига ўтиб, февраль ойида йиллик ҳисобда 6,3% ни ташкил этди. Шу билан бирга, мавсумий омиллар таъсирининг камайиши ҳисобидан умумий инфляция 7,3% даражасида шаклланиб, сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши эса инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланишига сабаб бўлмоқда.
Иқтисодий фаоллик умумий талаб ҳисобига юқори даражада сақланмоқда. Бу чакана ва улгуржи савдо айланмаси динамикасида, кўчмас мулк олди-сотди операциялари сонида, шунингдек, бюджет харажатларининг ижросида намоён бўлмоқда. Ушбу омиллар саноат, хизматлар соҳаси ва қурилишда барқарор ўсиш суръатларини қўллаб-қувватламоқда.
Мазкур даврда ишлаб чиқарувчилар нархларининг сезиларли ўсиши кузатилди. Юқори талаб шароитида бу ишлаб чиқариш харажатларининг якуний нархларга ўтиши ва кейинчалик истеъмол нархларида акс этиши эҳтимолини оширади.
Қайд этилишича, ташқи иқтисодий шароитларда геосиёсий тарангликнинг кучайиши ҳам нархлар учун ошувчи хавфларни юзага келтирмоқда. Хусусан, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар натижасида жаҳон бозорида энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши, шунингдек, логистика йўналишларидаги ўзгаришлар туфайли транспорт харажатларининг ошиши кутилмоқда. Бу эса импорт нархлари орқали инфляцияга қўшимча босим юзага келтириши мумкин.
Асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг барқарорлиги бўйича ижобий кутилмаларнинг яхшиланиши, олтин нархларининг юқори даражада сақланиши, шунингдек экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари барқарор ўсиши миллий валюта реал алмашув курсига жиддий босим йўқлигини кўрсатмоқда.
Иқтисодиётда кредитлаш суръатлари босқичма-босқич меъёрлашмоқда. Қатъий пул-кредит шароитлари истеъмол кредитлари сегментида макропруденциал чоралар билан бирга қўлланилиб, умумий талаб мувозанатини таъминлаш ва нархларга ортиқча босимни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш учун қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ